“Гўзаллик салонида мезотерапия, ботекс қилдиргандим. Лабим гелдан қийшайиб қолди, юзим эса аллергия бўлиб шишиб кетди. Мен мурожаат қилган косметологнинг эса шифокорлик маълумоти йўқ экан”.
“Юзим қуруқлиги учун косметологга мурожаат этгандим, пилинг муолажасини тавсия қилди. Аммо муолажа ижобий самара бермади ва юзимда пуфакчалар ҳосил бўлиб шишиб кетди”…
Бу мурожатлар ҳеч қандай тўқима эмас, реал истеъмолчиларнинг муаммоси. Бундай косметология хизматлари учун каттагина пул тўлаган бўлса-да, “оғзи куйган” истеъмолчилар уқувсиз ва малакасиз косметологларга нисбатан чора кўришни сўраб Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилишган.
Бугунги кунда косметика бозорида терини парвариш қилиш учун жуда кўп маҳсулотлар ва процедуралар мавжуд. Махсус билимга эга бўлмаган одам, ўзига мос келадиган нарсани топмагунча, бу хилма-хилликда адашиб қолиш ва кўп пул сарфлаш хавфини туғдиради. Терингизни қандай ва қайси воситалар билан парвариш қилишни аниқ билиш учун косметологлар — косметология ва эстетик тиббиёт соҳасидаги мутахассислар билан боғланиш яхшидир. Акс ҳолда мавзумиз бошида келтирилган ҳолатлар каби сифатсиз оқибатлар қурбони бўлиб қолишингиз ҳеч гапмас. Бугунги саҳифамизда эса айнан сифатсиз косметология хизматларини кўрсатаётганлардан сизни ҳимоя қилиш тартиблари ҳақида маълумот беришни лозим топдик. Саҳифамиз эксперти эса Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги масъул ходими Шаҳбоз ЗАРИПОВ…
Гўзаллик қурбонлик талаб қилиши рост, аммо…
— Гўзаллик қурбонлик талаб қилиши рост. Опа-сингилларимиз чиройли бўлиш учун ҳатто тиғ остигача келишга розилар. Аммо аксарият аёл-қизлар сунъий йўл билан гўзал ташқи кўринишга эришишга уриниб, ўз саломатликларини хатарга қўяётганликлари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар.
Маълумки, косметология хизматларининг аксарияти инсоннинг юз ва танасининг бошқа қисмларида терисига инвазив (тери бутунлигининг бузилиши) йўл билан муолажа қилиш орқали амалга оширилади.
Бунда, албатта, косметолог врачда тиббий хизматлар учун лицензия мавжуд бўлиши керак. Афсуски, ҳозирда ойлик курсларга 3-4 ойлик малака ошириш ва касб ўрганишга қатнаб, сертификатга эга бўлган ҳолда гўзаллик салони очган ёки салонга ишга кирган косметологлар кўпайиб бормоқда. Натижада сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган бундай хизматлардан қониқмаган, жисмоний зарар кўрган истеъмолчилардан мурожаатлар келиши кўпайиб бормоқда.
Айниқса, ботекс, филлер, мезотерапия, қош қисмига инвазив йўл билан макияж қилиш, ринопластика, юз териси пластик жарроҳлиги хизматларидан норози бўлган фуқаролардан мурожаатлар келиб тушмоқда.
Аслида бундай хизматлар тиббий фаолиятга кирадими?
— Ҳа, бундай муолажалар тиббий фаолиятга киради. Чунки Соғлиқни сақлаш вазирининг 2021 йил 12 майдаги 6-сон буйруғи билан тасдиқланган Тиббий фаолият амалга ошириладиган тиббий ихтисосликлар турлари НОМЕНКЛАТУРАСИда “Тиббий косметология” ихтисослиги ҳам кўрсатилган бўлиб, у чуқур тайёргарлик талаб этиладиган соҳа сифатида белгиланган.
Шунга кўра, косметологиянинг тиббий муолажалари учун Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низомга кўра, тиббий фаолиятни амалга ошириш бўйича лицензия талаблари ва шартларига жавоб берадиган косметологик хизмат кўрсатиш муассасасига лицензия берилади.
Бунда энг аҳамиятли жиҳати – лицензия талабгорида тегишли метрологик меъёрлар ва техника хавфсизлиги меъёрларига мос бўлган ускуналар ва бошқа техника воситалари, шу жумладан, тиббий техника бўлиши, стерилизация ускунасида ишлаш бўйича кўникма, санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативларга мос бўлган хоналар, мутахассис-врачларда белгиланган тартибда олинган малака ошириш бўйича амалдаги сертификат бўлиши шарт.
Ҳар бир истеъмолчи юқорида кўрсатилган талабларни “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4, 5 ва 6-моддаларида белгиланган меъёрий қоидаларга асосан талаб қилишга ҳақли ҳисобланади.
Косметологик хизматдан “оғзи куйган”ларнинг мурожаатлари қандай ўрганилади?
Қайси жиҳатлар асос қилиб олинади?
— Агентликка ёки Соғлиқни сақлаш вазирлигига истеъмолчилардан ариза ва шикоятлар келиб тушганда уларнинг масаласи “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг
6, 7, 11, 12 ва 19-моддалари ҳамда “Фуқароларнинг соғлигини сақлаш тўғрисида”ги қонунга кўра ўрганиб чиқилади. Бунда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига кўра, Истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб қараб чиқилади.
Боиси, мазкур 7-моддага асосан, истеъмолчи Агар товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилганлиги истеъмолчининг ҳаётига, соғлигига ёхуд мол-мулкига зарар етказилишига сабаб бўлса, у ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) олдига қонунчиликда назарда тутилган талабларни қўйишга ҳақлидир.
Агар ўта жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса-чи?
— “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига кўра, Агар ижрочи шартнома шартларини иш (хизмат)ни ёмонлаштирган даражада жиддий бузган бўлса ёхуд ишда (хизматда) бошқа жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи ўз хоҳишига кўра нуқсонлар бепул бартараф этилишини, бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) баҳоси нуқсонларга мутаносиб равишда камайтирилишини, худди шундай сифатли шу хилдаги материалдан бошқа буюм бепул тайёрлаб берилишини ёхуд ишнинг такроран бажарилишини ёинки шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақли.
Шунинг учун юқоридаги талабларга жавоб бермайдиган косметологларнинг ботокс ёки бошқа тиббий косметологияга кирувчи муолажаларидан фойдаланиш тавсия этилмайди.
Мижоз ўз ташқи кўринишидан қониқмаса ёки соғлиғида нохуш ҳолат юз берганда кимга мурожаат қилиши керак?
— Мутахассис-косметолог мижозга хизмат кўрсатаётган вақтида ёки ундан кейин мижознинг ташқи кўриниши ёки соғлиғида турли асоратлар пайдо бўлса, истеъмолчилар Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, судга ёки бошқа ваколатли органга мурожаат қилиб истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари бузилганлиги учун ёрдам сўраши мумкин.
Албатта, истеъмолчилар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг 1159 қисқа рақамига қўнғироқ қилиш ёки Агентликнинг www.consumer.gov.uz расмий сайти, расмий электрон почтаси ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда телеграмдаги махсус ботга мурожаат қолдиришлари мумкин.
ЭСЛАТИБ ЎТАМИЗ:
Баданга (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) шикаст етказишда ифодаланган қилмиш соғлиққа етказилган зарарнинг оғирлик даражасига қараб маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортишга ҳам сабаб бўлиши мумкин.
13,108