Ассалому алайкум, ҳурматли истеъмолчилар.
Бугунги брифингда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтаман.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 7 мингдан ортиқ истеъмолчилар мурожаат қилганлар. Уларнинг 42 фоизи уй-жой коммунал, транспорт хизматларига тўғри келса, 33 фоизи савдо ва умумий овқатланиш хизматлари, 18 фоизи алоқа, молия ва ижтимоий хизматлар ҳамда 7 фоизи реклама муносабатлари ва бошқа масалаларга тўғри келади. Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 79 фоизи қаноатлантирилди, 14 фоизига тегишли тушунтириш берилди ва 5 фоизи ваколатли идораларга юборилди.
Агентлик мутахассислари томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш ва улар асосида ўтказилган ўрганишлар жараёнида 4 мингдан ортиқ истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатлари тикланишига эришилди. Натижада истеъмолчиларга 3 млрд 800 млн сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланган.
Келиб тушган мурожаатларнинг аскарият қисми уй-жой коммунал соҳасига тегишли бўлиб, Агентлик ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан аҳолининг ушбу соҳадаги муаммоларини тизимли равишда ўрганиш, хизмат кўрсатувчи корхоналар билан муаммоларни тезкор ва жойида кўриб чиқиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 25-27 январь кунлари Марказий Осиё ягона электр тармоғида авария содир бўлиши натижасида республиканинг барча ҳудудларида электр энергия таъминотида ўчишлар содир бўлган. Уни оқибатида табиий газ таъминотида вужудга келган узилишлар сабабли “Тошиссиққуввати” Давлат Унитар Корхонаси томонидан истеъмолчиларга белгиланган талабларга мувофиқ иссиқлик таъминоти етказиб бермаслик ҳолати аниқланган.
Натижада, Агентлик томонидан “Тошиссиққуввати” ДУКга берилган топшириққа асосан абонентларга 4 млрд 500 млн сўм миқдоридаги маблағ белгиланган тартибда қайта ҳисоб-китоб қилиб берилиши таъминланган.Худди шу каби ўрганишлар республиканинг 9 та ҳудудларда ҳам амалга оширилиб, унинг натижасида 1млрд 222млн сўм миқдорида ортиқча олинган маблағлар аниқланиб, бугунги кунда ушбу маблағлар истеъмолчиларга қайта ҳисоб китоб қилиб берилиши таъминланган.
Агентликнинг навбатдаги ўрганишларидан бири ҳисоблагичларнинг даврий қиёслови муддати ва уни ўтказиш билан боғлиқ бўлди. Хусусан, карантин чоралари жорий этилгани муносабати билан газ ҳисоблагичларни даврий қиёсловдан ўтказиш кечиктирилиши ва кейинчалик давлат дастури доирасида уларнинг ўрнига янги ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилиши сабабли, даврий қиёслашдан ўтказиш бўйича тўланган 634 млн 700 минг сўм йиғимларни 14 минг нафардан ортиқ истеъмолчига қайтарилиши бўйича чоралар кўрилмоқда.
Шунингдек, республика ҳудудларидаги айрим хонадонларни табиий газ таъминотидан узилган бўлса-да, 522 минг нафар истеъмолчининг абонент ҳисоб-варағида табиий газ учун олдиндан амалга оширган 16 млрд сўмдан ортиқ миқдоридаги тўловлари, яъни ҳақдорлиги қолиб кетганлиги аниқланди ва бугунги кунда истеъмолчилар фойдасига 8 млрд сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган. Қолган маблағларни истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиш мақсадида, ушбу иш доирасида тўпланган ҳужжатлар белгиланган тартибда Бош прокуратурага хулоса бериш учун киритилган. Ҳозирда мазкур иш доирасида вилоят прокуратуралари ва Агентликнинг ҳудудий тузилмалари билан ҳамкорликда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
“Ипотека банк” акциядорлик тижорат банки вилоят филиаллари томонидан аҳолидан коммунал хизматлари учун тўловларни банк кассалари орқали амалга оширилганда, ушбу тўловлар суммасига нисбатан, олинадиган қўшимча 2 000 сўм банк хизматлари яъни комиссия ундириш ҳолатлари бўйича Агентлик томонидан таҳлилий ўрганишлар ўтказилди.
Таъкидлаш лозимки, ижтимоий тармоқларда истеъмолчилар ўз эътирозларини билдириб, мазкур масала кенг салбий муҳокамаларга сабаб бўлди. Таҳлил натижаларига кўра, “Ипотека банк” акциядорлик тижорат банкига нисбатан иш кўзғатилиб, истеъмолчилардан ундирилган маблағларни белгиланган тартибда қайта ҳисоб-китоб қилиб бериш бўйича кўрсатма берилди.
2021 йилда “UZAUTO MOTORS” AЖ фаолияти юзасидан келиб тушган мурожаатларга асосан автомобилларни етказиб бериш муддатларига риоя этилмаганлиги юзасидан таҳлиллар ўтказилган.
Таҳлилларга кўра, 68 та дилерлик ташкилотлари томонидан 5 мингдан ортиқ ҳолатда автомобилларни шартномаларга мувофиқ белгиланган муддатларда етказиб берилмаганлиги аниқланиб, ҳозирги кунда белгиланган муддатда етказиб берилмаган кунлар учун истеъмолчиларга пеня тўлатиб бериш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Агентлик иш режаси ва бошқа идоралар томонидан тақдим этилган маълумотлар ҳамда истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатлар асосида истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида турли соҳаларда 102 та ўрганиш ва таҳлилларни ўтказди.
Ўрганишларда, истеъмолчилардан жами 23 млрд 600 млн сўм миқдорида ортиқча маблағ олингани аниқланди. Ва бугунги кунда ушбу маблағларнинг 14 млрд 100 миллион сўми истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилининган. Мазкур соҳада ишлар давом эттирилади.
Агентлик ўз ваколатлари доирасида юқоридаги чора-тадбирларни давом эттирмоқда. Бугунги брифинг орқали етказмоқчи бўлган маълумотларимиз шулардан иборат.
Эътибор учун раҳмат.
9,090