Жорий йилнинг 12 апрель куни ижтимоий тармоқда (https://t.me/muxbir1/15788) “Golden House” истеьмолчилар ҳуқуқини бузмоқда. Агентлик чора кўрадими?” мазмунидаги пост жойлаштирилган. Постда истеъмолчи “Golden House»дан олмоқчи бўлган уйи 30.11.2021да фойдаланишга топширилиши белгилангани, аммо орадан 4 ой ўтишига қарамай уй топширилмаганлиги бўйича эътироз билдирган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг мазкур ҳолат юзасидан “Golden House Development» МЧЖ ва П.Х.билан тузилган икки томонлама шартнома ўрганилди. Ҳақиқатан ҳам шартноманинг 1.3-бандига асосан мазкур турар жойнинг топшириш муддати 2021 йилнинг 4-чорагига белгиланган бўлиб, келишилган муддатда топширилмаганлиги аниқланган.
“Golden House Development» МЧЖнинг Агентликка тақдим этган маълумотларига кўра, мазкур объектнинг қурилиш ишлари айнан пандемия даврига тўғри келгани сабабли турар жойнинг фойдаланишга топширилиши белгиланган муддатдан кечиктирилгани айтилган ва бугунги кунда компания томонидан мазкур уйда қурилиш ишлари давом этмоқда.
Агентлик ўрганишлар натижасида ва тузилган икки томонлама шартноманинг 1.3 ва 3.2.4 –бандларига асосан жамият (қурувчи) билан инвестор (истеъмолчи) ўртасида қўшимча келишув имзоланган.
ҚОНУНГА ҚЎРА.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг:
4-моддасига асосан, истеъмолчи товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эга;
6-моддасига асосан, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт;
19-моддасига асосан ишни бажариш (хизмат кўрсатиш) муддати иш бажарилиши (хизмат кўрсатилиши) лозим бўлган санага (даврга), шунингдек, ижрочи ишни бажаришга (хизмат кўрсатишга) киришиши лозим бўлган санага (даврга) қараб белгиланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг:
1-моддасига кўра, фуқаролар (жисмоний шахслар) ва юридик шахслар ўз фуқаролик ҳуқуқларига ўз эркларига мувофиқ эга бўладилар ва бу ҳуқуқларини ўз манфаатларини кўзлаб амалга оширадилар. Улар шартнома асосида ўз ҳуқуқ ва бурчларини белгилашда ва қонунчиликка зид бўлмаган ҳар қандай шартнома шартларини аниқлашда эркиндирлар, Ўзбекистон Республикасининг бутун товарлар, хизматлар ва молиявий маблағлар ҳудудида эркин ҳаракатда бўлади.
109-моддасида, тарафлар битимнинг тузилганлигини, мазмуни ёки бажарилганлигини ёзма ёки бошқа далиллар билан тасдиқлашга ҳақлидирлар.
Қонунда ёки тарафларнинг келишувида тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолларда битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.
354-моддасига мувофиқ фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар, шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартнома тузиш бурчи ушбу Кодексда, бошқа қонунда ёки олинган мажбуриятда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
3,859