Агентлик республика бўйича истеъмолчиларга нуқсонли автомобиллар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беришда давом этмоқда. Навбатдаги мурожаат Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида истиқомат қилувчи фуқародан келиб тушди.
“Auto Center Namangan” МЧЖ билан тузилган шартномага асосан 78 млн 283 минг сўмлик “Damas” русумли автомашина ўз вақтида етказиб берилди.
Аммо истеъмолчи автосалонда мазкур автомашинани кўздан кечираркан, хайратга тушади: фаралари қийшиқ ва бўёқлари ҳам сифатсиз яъни ишлаб чиқаришдаги нуқсони бўлган.
Истеъмолчи мазкур “Damas”ни салондан олиб кетмай, ўзига нуқсони бўлмаган сифатли автомобиль беришларини талаб қилади. Автосалон ходимлари эса истеъмолчининг қонуний талабларини қўпол равишда бузган ҳолда уни рад этишади.
Автосалонга қилган мурожаатлари бесамар кетган истеъмолчининг порталга қилган шикояти Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Наманган вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Шартнома билан танишиб чиқилгач, янги автомашина кўздан кечирилди. Барча камчиликлар аниқ бўлгани сабабли экспертизага эҳтиёж бўлмади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига асосан
нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб қуйидагилардан бирини талаб қилишга ҳақли:
товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш;
товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш;
товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;
харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;
шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.
Қисқа вақт ичида истеъмолчининг бузилган ҳуқуқлари тикланди: нуқсонлари бўлган автомобиль худди шу русумдаги, аммо сифатли, янги автомобилга алмаштирилди.
10,929