Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мутахассислари томонидан аҳолини тиббий хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича қизиқтираётган саволларига жавоблар бериб борилмоқда.
Дарҳақиқат, бугунги кунда ҳар бир истеъмолчи тиббий хизматлардан фойдаланганда ўзининг ҳақ-ҳуқуқларини яхши билиши лозим. Хусусан,Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддасида ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. 1996 йил 29 августда 47 модда ва 6 бобдан иборат Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган. Мазкур қонун ҳужжатининг асосий вазифаси фуқароларнинг соғлиқни сақлашга доир ҳуқуқларини давлат томонидан кафолатланишини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасидаги фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишдан иборат. Қонунда фуқароларнинг тиббий хизматлардан фойдаланишдаги ҳуқуқлари ҳам белгилаб берилган.
ИСТЕЪМОЛЧИ ҲУҚУҚЛАРИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?
ФУҚАРОЛАРНИНГ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ҲУҚУҚИ
- Ўзбекистон Республикаси фуқаролари соғлиқни сақлаш борасида дахлсиз;
- Давлат ёши, жинси, ирқи, миллати, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар соғлиғи сақланишини таъминлайди;
- фуқароларда касалликларнинг ҳар қандай шакллари борлигидан қатъи назар, уларнинг камситишлардан ҳимоя қилиниши.
ХАЛҚАРО ШАРТНОМАЛАРГА МУВОФИҚ КАФОЛАТЛАНГАН
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ажнабий фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ кафолатланади.
СОҒЛИҚНИ САҚЛАШДА ФУҚАРОЛАР ҲУҚУҚЛАРИ ТЕНГ
- Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, соғлиқни сақлашда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари билан тенг ҳуқуқдадирлар.
ЎЗ ВАҚТИДА ВА АНИҚ АХБОРОТ ОЛИШ
- соғлиққа таъсир этувчи омиллар ҳақида, шу жумладан яшаш ҳудудининг санитария-эпидемиология жиҳатидан хотиржамлиги тўғрисида, овқатланишнинг оқилона нормалари хусусида, товарлар, ишлар, хизматлар, уларнинг хавфсизлиги, санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги тўғрисида ўз вақтида ва аниқ ахборот олиш.
ФУҚАРОЛАРНИНГ ТИББИЙ-ИЖТИМОИЙ ЁРДАМ ОЛИШИ
- касал бўлиб қолганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда ва бошқа ҳолларда фуқаролар профилактик, ташхис қўйиш-даволаш, куч-қувватни тиклаш, санаторий-курорт, протез-ортопедия ёрдами ва бошқа хил ёрдамни, шунингдек беморларни, меҳнатга лаёқатсиз ва ногирон кишиларни боқиш-парваришлаш юзасидан ижтимоий чора-тадбирларни, шу жумладан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўлашни ўз ичига оладиган тиббий-ижтимоий ёрдам олиш.
ҚЎШИМЧА ТИББИЙ ХИЗМАТЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ
- Фуқаролар ўзларини ихтиёрий равишда тиббий суғурта қилдириш асосида, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг маблағлари, ўз шахсий маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қўшимча тиббий ва бошқа хил хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи.
МАХСУС ВОСИТАЛАР БИЛАН ИМТИЁЗЛИ ТАРЗДА ТАЪМИНЛАНИШ
- фуқароларнинг айрим тоифалари протезлар, ортопедик ва мослама буюмлар, эшитиш аппаратлари, ҳаракатланиш воситалари ва бошқа махсус воситалар билан имтиёзли тарзда таъминланиш ҳуқуқи.
ТИББИЙ ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТИШ
- фуқаролар ихтисослашган соғлиқни сақлаш, муассасаларида тиббий экспертизадан ўтиш ҳуқуқи.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2017 йил 1 апрелдаги ПҚ-2863-сонли қарорига мувофиқ хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йилнинг 1 январига қадар барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилган бўлиб, бунда бўшаган маблағлар, шу жумладан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга йўналтирилиши лозимлиги белгилаб қўйилган.
!!!Эслатма: Шунингдек, Соғлиқни сақлаш тизимидаги давлат муассасаларида бепул тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида Соғлиқни сақлаш Вазирлиги веб-сайтида маълумотлар берилган.
http://www.minzdrav.uz/uz/services/consult/help.php
81,006