Бундан бир неча йил олдин мамлакатимизнинг ҳар иккинчи аҳолиси мобиль алоқасидан фойдаланади, деб берилган статистик маълумотга ишончимиз комил эди. Бугунги кунда деярли ҳар икки киши уяли телефон (ҳатто иккита телефон рақами) эгасига айланди.Лекин биз уяли алоқа хизматларидан фойдаланувчи сифатида ўз ҳуқуқларимиз ҳақида биламизми? Энг кўп учрайдиган саволларга Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мутахассислари жавоб берадилар.
Абонент қуйидаги ҳуқуқларга эга:
– амалдаги тарифларга, хизматлар тавсифи ва хизматлар сифатига қўйиладиган талабларга, шунингдек оператор томонидан кўрсатиладиган қўшимча хизматларга мувофиқ шартномада кўзда тутилган мобиль алоқа хизматларидан фойдаланиш;
– оператордан мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш учун шартномада белгиланган мажбуриятларнинг бажарилишини талаб қилиш;
– оператор ахборот-маълумот хизматининг хизматларидан фойдаланиш;
– барча амалга оширилган уланишларнинг санаси ва вақти, уларнинг давомийлиги ва абонент рақамларини кўрсатган ҳолда оператор томонидан белгиланган тартиб ва шартларда барча хизмат турлари бўйича батафсил ҳисобни бепул олиш;
– ушбу Қоидаларнинг талаблари ва шартнома шартларига риоя қилган ҳолда, шунингдек муайян ҳудудда (аэропорт, самолёт, антенна майдони ва бошқалар) амал қиладиган алоҳида қоидаларни ҳамда тўсқинлик қилиши ёки хавфли вазиятлар юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларда (тиббиёт муассасалари, ёқилғини сақлаш ва қайта юклаш ҳудуди, портлаш ишларини ўтказиш жойларида ва бошқалар) чекланишларни ҳисобга олган ҳолда, исталган абонент қурилмасидан фойдаланиш;
– фавқулодда тезкор хизматларни чақиришда, шунингдек шартномада назарда тутилган ҳолларда мобиль алоқа хизматларидан бепул фойдаланиш;
– унга розилигисиз тақдим этилган хизматлар учун тўловини тўлашни рад этиш;
– оператор томонидан тақдим этилаётган хизматлар бўйича таклифлар ва эътирозлар билан операторга мурожаат этиш;
– оператор айби билан кўрилган зарарларнинг қопланишини талаб қилиш;
– оператор хизматларидан фойдаланишни тўхтатиш;
– шартномада кўзда тутилган тартибда оператор билан тузилган шартномани бекор қилиш;
– оператор шартномани бажармаса ёки хизматлар шартномада кўрсатилган муддатда кўрсатилмаслиги аниқ бўлса, шартномани бажаришдан бош тортиш ва зарарларни қоплашни талаб қилиш;
– оператор томонидан, кўрсатиладиган хизматлар сифатининг ёмонлашишига олиб келадиган даражада шартнома шартларидан жиддий четга чиқишга йўл қўйилган ёки бошқа жиддий камчиликлар юзага келган ҳолларда, ўз хоҳшига кўра: камчиликларни бепул бартараф этиш, кўрсатилган хизматлар нархини мос равишда камайтириш, такроран хизматларни кўрсатиш, келтирилган зарарларни тўлиқ қоплаган ҳолда шартномани бекор қилишни талаб қилиши мумкин.
Абонент қонун ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.
Истеъмолчилар алоқа хизматларидан фойдаланиш жараёнида қандай мажбуриятга эга?
Абонент қуйидагиларга мажбур:
– Мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги қоидаларга риоя қилиш;
– шартнома шартларини бажариш;
– операторга SIM-карта ёки абонент қурилмаси (SIM-карталардан фойдаланиш кўзда тутилмаган мобиль алоқа стандартлари учун) йўқолганлиги тўғрисида зудлик билан хабар бериш. Абонент томонидан ушбу шартларга риоя қилинмаган ҳолларда, у йўқотилган SIM-карта ёки абонент қурилмасидан (SIM-картадан фойдаланиш кўзда тутилмаган мобиль алоқа стандартлари учун) фойдаланган ҳолда олинган оператор томонидан кўрсатилган мобиль алоқа хизматларига тўлов бўйича, оператор абонентнинг уларнинг йўқолганлиги ва хизматлар кўрсатишни тўхтатиш истаги тўғрисидаги аризасини олган кунигача мажбуриятга эга, агар абонент учун қулай бўлган хабар қилишнинг бошқа усули оператор томонидан кўзда тутилмаган бўлса;
г) кўрсатилган хизматлар учун тўловни ўз вақтида тўлаш;
д) 30 кун давомида операторга маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, турар жойи – жисмоний шахс учун, номи (фирма номи), жойлашган ери – юридик шахс учун) ўзгарганлиги тўғрисида хабар бериш.
Абонент қонун ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа мажбуриятларга эга бўлиши мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 6 февралда 1900-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг 2009 йил 4 январда “Мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2-сонли буйруғи билан тасдиқланган қоидаларда абонент (истеъмолчи)ларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланган.
Отабек САДУЛЛОЕВ,
Ижтимоий ва молиявий хизматлар, шунингдек, алоқа
хизматлари соҳасида истеъмолчилар хуқуқларини
ҳимоя қилиш бошқармаси бош мутахассиси.
90,761