Маълумки, ҳар қандай истеъмолчининг ҳуқуқи бузилган бўлса, у судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Қоидага кўра, истеъмолчи судга мурожаат қилишдан олдин, аввало, у давлат органлари ёки жамоат ташкилотларига мурожаат қилади. Таъкидлаш жоизки, ушбу ташкилотлар истеъмолчи манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида низони судгача ва суд тартибида ҳал қилишда ҳар томонлама кўмак бериши мумкин.
Ушбу мақолада истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат органларининг истеъмолчилар низоларни судгача ёки суд тартибида ҳал қилиш бўйича МДҲ давлатларининг тажрибаси кўриб чиқилади.
Россия Федерацияси
Россияда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги масъул давлат органи Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлиги соҳасини назорат қилиш федерал хизмати ҳисобланади. Ушбу давлат органи қўйидаги аризалар билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга:
– истеъмолчи ёки алоҳида истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш (истеъмолчилар гуруҳи, истеъмолчиларнинг номуайян доираси);
– ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи, ваколатли ташкилот, импорт қилувчи) фаолиятини тўхташ;
– якка тартибдаги тадбиркорларнинг (ваколатли якка тартибдаги тадбиркор) истеъмолчилар ҳуқуқларини қўпол равишда бузишга олиб келувчи (ўлимга ёки оммавий касалликларга, одамларнинг заҳарланишига олиб келадиган) фаолиятини тўхтатиш.
Шунингдек истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ушбу идораси томонидан қўзғатилган ишлар бўйича хулосаси оғзаки ва ёзма равишда тақдим этилиши мумкин.
Бироқ, мазкур хулоса суд ишда далил сифатида қабул қилинмайди (Россия Федерацияси Фуқаролик процессуал кодексининг 55-моддаси) Шу сабабли, агар суд муайян фуқаролик иши бўйича ушбу давлат органининг хулосасига рози бўлмаса, суд томонидан ўз қарорида келишмовчилик сабабларини асослаши керак.
Қозоғистон
Қозоғистонда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги масъул давлат органи Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазирлигининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳисобланади.
Қозоғистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, Қўмита қуйидаги ҳолларда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга:
– истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги орган мансабдор шахслари томонидан қабул қилинган қарорлар жисмоний ва юридик шахслар томонидан бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаганда;
– бир масала туфайли ўндан ортиқ истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилганда тақдирда қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмалари истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи бўйича ариза билан судга мурожаат қилади.
Бундан ташқари, Қозоғистон Республикаси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги Кодексида белгиланган тартибда баённомалар тузиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо қўллаш ҳам қўмитанинг ваколатларига киради.
Қирғизистон
Қирғизистонда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат органи Қирғизистон Республикаси Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Монополияга қарши тартибга солиш хизмати (Хизмат) ҳисобланади.
Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ, ушбу Хизмат Қирғизистон Республикасининг монополияга қарши қонунчилиги, Қирғизистон Республикасининг ўлчов бирлигини таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни бузганлиги билан боғлиқ масалалар бўйича судларга даъво аризалар билан мурожаат қилиш, шунингдек суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Ушбу орган қуйидаги мувофиқлаштириш ва назорат функцияларини ўз ичига олади:
– мулкчилик шаклидан қатъи назар жисмоний ва юридик шахсларга Хизмат ваколатига кирадиган масалалар бўйича ҳуқуқбузарликларни тўхтатиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар (кўрсатма, фармойиш, огоҳлантириш ва бошқалар) тақдим қилиш;
– Қирғизистон Республикасининг монополияга қарши қонунчилигини, Қирғизистон Республикасининг ўлчовлар бирлигини таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва уларнинг мансабдор шахслари, ташкилот ва муассасалар, уларнинг раҳбарлари, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан белгиланган тартибда жарималар ва иқтисодий санксиялар қўллаш, ундириш тўғрисида қарор (фармон) қабул қилиш.
Молдова
Молдовада истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат органи Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бозорни назорат қилиш агентлиги ҳисобланади.
Ушбу Aгентлик қуйидаги функцияларга эга:
– ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва Жиноят кодексининг қоидаларига мувофиқ жазо чораларини қўллаш;
– товарнинг қийматини тузатиш, алмаштириш, қоплаш, нотўғри техник хизмат кўрсатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ва қарор қабул қилинган кундан бошлаб 14 календар кундан ортиқ бўлмаган муддатда тадбиркорлик субъекти томонидан ижросини таъминланишини назорат қилиш;
– адолатсиз тижорат амалиётини олдини олиш ва чеклаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
Aгар истеъмолчи сотувчи томонидан шикоятни кўриб чиқиш натижалари билан рози бўлмаса ёки сотувчи мурожаатни кўриб чиқишдан бош тортса, сотувчининг аризага жавобининг нусхасини илова қилган ҳолда истеъмолчи истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш функциялари берилган органга ва судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Беларусия
Беларусияда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат органи Беларус Республикаси Монополияга қарши тартибга солиш ва савдо вазирлиги ҳисобланади.
Ушбу вазирлик қуйидаги ҳуқуқларга эга:
– истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилган тақдирда, истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида даъво билан судга мурожаат қилиш;
– ишлаб чиқарувчиларга (сотувчилар, етказиб берувчилар, вакиллар, ижрочилар, таъмирлаш ташкилотлари) истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилишини тўхтатиш бўйича кўрсатмалар юбориш;
Вазирлик томонидан ўз ваколатлари доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қабул қилинган қарорлар барча давлат органлари, ташкилотлар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва бошқа жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Ўзбекистон
Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат органи Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳисобланади.
Истеъмолчиларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиш соҳасида Агентлик қўйидаги функцияларга эга:
– истеъмолчилар қабулини ташкил қилади, мурожаатларни ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлайди, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича қарорлар қабул қилади;
– истеъмолчиларга уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда, шу жумладан истеъмолчиларнинг номуайян доираларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини судларда ҳимоя қилишни кўзлаб даъво аризалари киритиш орқали амалий ёрдам кўрсатади;
– истеъмолчиларнинг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, истеъмолчининг ҳуқуқларини бузган шахсларга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўриш тўғрисида судга мурожаат қилади;
– айрим истеъмолчилар, уларнинг гуруҳи ва истеъмолчиларнинг номуайян доиралари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича суд амалиётини таҳлил қилади ва тегишли таклифлар ишлаб чиқади;
Агентлик томонидан 2022 йил 9 ойи давомида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши (аломатлари) ҳолатлари юзасидан 402 та (шундан, 368 таси истеъмолчи ва 34 таси реклама қонунчилик бузилиши бўйича) субъектларга нисбатан иш қўзғатилиб, қонунбузилиш ҳолатларини тугатиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан кўрсатмалар берилган.
42 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар тегишли судларга юборилган ва 27 нафар шахсга нисбатан жами 16,1 млн. сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилган.
Бундан ташқари, Агентлик истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш бўйича судларга 40 та даъво аризалари киритилиб, шундан 11 таси қаноатлантирилган ва истеъмолчилар фойдасига 1 млрд сўмга яқин маблағ қарор қилинган, қолган 29 та даъво судлар томонидан кўриб чиқилмоқда.
Нилюфар БАБАЖАНОВА
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бош мутахассиси
19,420