Фарзандларимиз нималарни тановул қиляпти? Болалар аудиторияси учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларининг барчаси аслида табиий ингредиентларни ўз ичига олганми, улар кичкинтойларнинг соғлигига зарар етказмайдими? Келинг, бу ҳақда мулоҳаза юритамиз.
Агар маҳсулот таркибида меъёрдан ортиқ шакар, туз, ёғлар, ёқимли таъм ва ранг берувчи моддалар мавжуд бўлса – билингки, бу БОЛАЛАРНИНГ МАҲСУЛОТИ эмас, балки айнан ўхшатилган нусҳаси бўлиб, бунинг натижасида болада юрак-қон томир тизими касалликлари ривожланиш хавфини туғдиради, қандли диабет ва онкологияга олиб келиши мумкин. Бу кўплаб мамлакатлардаги назорат қилувчи органлар олдидаги оғриқли муаммо ҳисобланади. Гарчи мазкур озиқ-овқатлар заҳарли, токсик ёки ҳаёт учун хавфли бўлмаса ҳам уларнинг кундалик рационда доимий маҳсулотлар сифатида борлиги – салбий оқибатларга олиб келади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг мақсадларидан бири истеъмолчиларга товарлар тўғрисида ишончли ва тўлиқ маълумот олиш имкониятини бериш, уларнинг ҳуқуқлари бузилишининг сабабларини таҳлил қилиш ва муаммоларни бартараф этиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилишининг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш,шунингдек, товарлар хавфсизлиги ва сифатини назорат қилиш соҳасидаги бошқа органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилишдан иборат.
Агентлик томонидан халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда, озиқ-овқат маҳсулотлари сотилишини бевосита тартибга солиш борасида бир қатор тадбирлар ишлаб чиқилган. “Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги” умумий техник регламентга озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларни “парҳезли, диабетик, болаларбоп овқат ” атамаларидан, шунингдек мультфильм ва кинофильмлар исталган тасвирлари ёки қаҳрамонларининг образларидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда фойдаланишга мажбур этувчи қўшимча ва ўзгартишлар киритиш режалаштирилган.
Хусусан, озиқ-овқат маҳсулоти таркибида туз, шакар, трансёғлар, бўёқлар ва хушбўй таъм берувчи қўшимчалар болалар ва ўспиринлар учун белгиланган талабларга жавоб бермаган тақдирда маҳсулотга сертификат бериш ва унга кўра реализация қилиш ҳам рад этилади.
Шунингдек, ишлаб чиқарувчилар озиқ-овқат маҳсулоти қадоғининг олд томонида “таркибида ёғлар”, “таркибида шакар бор” , “таркибида туз”, “таркибида болаларнинг фаоллиги ва эътиборига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бўёқ (бўёқлар)” борлиги ҳақида огоҳлантирувчи ёзувларни кўрсатишлари шарт.
Агентлик томонидан таклиф этилган ушбу тадбирларни амалга ошириш истеъмолчининг асосий ҳуқуқларидан бири – маҳсулот тўғрисида тўлиқ ва ишончли маълумот олиш ҳуқуқини амалга оширади.
Агентликнинг асосий мақсади – зарарли маҳсулотлар истеъмолини камайтириш, шунингдек, ота-оналар ўз фарзандларига озиқ-овқат маҳсулотларини ишонч билан харид қилишга имконият яратишга қаратилган.
74,734