Янги йил байрами арафасидаги харидлар учун тавсиялар
ИСТЕЪМОЛЧИДАН САВОЛ:
Майонез харид қилдим, қопқоғини очганимда истеъмолга яроқсизлиги маълум бўлди: ҳиди нохуш, таъмида нордонлик сезилди. Эскирган экан, деган ҳаёлга бордим. Аммо, яроқлилик муддати ўтмаган экан. Уни дўконга қайтарса бўладими? Майонезларни танлашда нималарга эътибор қаратиш керак?
Жавоб:
Майонезлар ёғ-мой маҳсулоти ҳисобланиб, ундан таомлар, пишириқ ва салатлар учун фойдаланилади. Бу маҳсулот одатда 150, 200 ва 250граммда шиша, пластмаса ва махсус қоғозли идишларда қадоқланади. Майонезларни озиқ-овқат дўконларидан харид қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Танлаганда уни сақланиш тартиб-қоидаларига эътибор қаратиш лозим. Бу маҳсулотлар қуёш нури тўғридан-тўғри, тик тушадиган, ёмғир таъсир қиладиган жойларда сотилиши маън этилади. Албатта, бундай шароитда сотилса, майонезларнинг таркиби бузилади.
Майонезнинг истеъмолга яроқсиз ҳолатга келишининг яна бир омили бор. Баъзи ишлаб чиқарувчилар томонидан унга белгиланган яроқлилик муддатини узайтириш мақсадида ортиқча қўшимчалар солишади. Бу эса ўз ўрнида инсон соғлигига зиён етказиши мумкин. Шунинг учун истеъмолчи майонез сотиб олаётганда товарнинг номи, қайси давлатга тегишлилиги, ишлаб чиқарувчи корхона, ёғлилик даражаси ва унга солинган консервантлар билан танишиши керак. Асосийси, майонез ёрлиғида ишлаб чиқарилган сана, сақланиш меъёри ва яроқлилик муддати кўрсатилган бўлиши ҳамда шунга амал қилинган ҳолда сотилиши шарт.Сифатли майонезнинг таъми ёқимли, қаймоқ мазали, тузи расо, шакар ва кислотаси меъёрида бўлади, улар табиий бўёқлар, қўшимчалар ва хантал билан бойитилади. Истеъмолга яроқсиз майонез маҳсулотини амалдаги тартиб-қоидаларга кўра, назорат касса чеки билан бир сутка давомида сифатлисига алмаштириш мумкин.
148,110