(RUS)
“Истеъмолчи бурчаги” — муаммоли ҳолатларда истеъмолчига ёрдамчи бўлади
Бугунги кунда “Истеъмолчи бурчаги” – истеъмолчилар учун маҳсулотлар харид қилишда ўзига зарур бўлган тавсияларни олишда қулай восита ҳисобланади. Унда истеъмолчининг асосий ҳуқуқлари ҳақида маълумот берилиши билан бир қаторда ҳуқуқлари бузилган тақдирда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ваколат берилган органлар ва уларга мурожаат қилиш тартиблари ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилади. Асосийси, унда истеъмолчилар маҳсулотларни харид қилиш жараёнида баъзи эътибор бериш керак бўлган жиҳатлар ҳам ифода этилади.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши кураш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги томонидан аҳолини маҳсулотларни тўғри танлаш ва харид қилиш борасидаги билим ва кўникмаларини янада ошириш мақсадида мамлакатимизда фаолият юритувчи бозорлар ва савдо комплексларида, аҳолига қулай жойда “Истеъмолчи бурчаги”ни жойлаштириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 декабрдаги “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4551-сон қарори билан тасдиқланган “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури”нинг Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўлимидаги 14.3-бандида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Маълумки, ҳозирги кенг қамровли ислоҳотлар даврида қонунлар ва қонуности ҳужжатларига киритилаётган кўплаб ўзгартиш ва қўшимчалардан истеъмолчи ўз вақтида хабардор бўлиб туриши керак. Бунинг учун “Истеъмолчи бурчаги”даги маълумотлар доимо янгилаб борилиши талаб этилади.
113,200