Ҳурматли фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари!
Бугунги кунда мамлакатимизда ижарага берувчилар томонидан аввал тузилган шартнома шартларига амал қилмаган ҳолда ижара нархлари асоссиз, бир томонлама оширилаётганлиги, олдиндан огоҳлантирилмасдан ижарачиларни уй-жойдан чиқариш бўйича талаблар қўйилаётганлиги кузатилмоқда ҳамда ушбу ҳолат муаммо сифатида жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига ва кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Шунга кўра, Агентлик соҳада қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, ижара муносабатлари иштирокчилари – ижарага берувчиларни огоҳлантиради ва уларнинг эътиборига қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Ижара тўғрисида”ги Қонунига асосан:
- ижара ҳақи ижарага олинган бутун мол-мулк учун яхлит ёки ҳар бир объект бўйича алоҳида-алоҳида натура, пул ёки аралаш шаклларда белгилаб қўйилиши мумкин. Ижара ҳақини тўлаш шартлари ва муддатлари шартномада белгилаб қўйилади;
- ижара ҳақи миқдори томонларнинг келишувига мувофиқ шартномада кўзда тутилган муддатларда ўзгартирилиши мумкин. Ижара ҳақининг миқдори марказлаштирилган тартибда белгилаб қўйиладиган нарх-наво ва тарифлар ўзгарган тақдирда ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа ҳолларда томонлардан бирининг талабига мувофиқ муддатидан олдин қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига асосан:
- томонлар ўртасида шартнома нарсаси, миқдор, нарх ва бошқа муҳим шартлар тўғрисида келишувга эришилса, истеъмолчи билан ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ўртасида шартнома тузилган ҳисобланади;
- ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт;
- шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонунчиликка зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Агар уларни қўлланиши натижасида истеъмолчига зарар етказилган бўлса, бу зарар ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим;
- сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.
Юқоридагиларга асосан, ижара муносабатларида қонунчилик талабларига қатъий риоя этишни таъминлаш сўралади.
40,803