Рекламалар бугунги кунда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Улардан товарлар харид қилишда, иш ва хизматларга буюртма беришда фойдаланамиз.
Янги таҳрирда қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни моҳиятан демократик тамойилларга асосланган, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишни назарда тутади ҳамда реклама берувчилар ва реклама бозорининг профессионал иштирокчилари фаолияти учун энг яхши шароитлар яратишга йўналтирилган.
Қонуннинг энг муҳим жиҳатларидан бири сифатида – реклама ахборотларида давлат тилидан фойдаланиш қатъий белгиланди ва буни таъминлашга оид бир қатор мустаҳкамловчи нормалар киритилди.
Хусусан, Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилади.
Реклама мазмунининг таржимаси қуйидаги талабларга риоя этган ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкин:
реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги керак;
ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг қирқ фоизидан ошмаслиги керак;
рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши керак;
теле- ва радиоканалларда, шунингдек босма нашрларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси ҳар кунги умумий реклама ҳажмининг йигирма фоизидан ошмаслиги керак.
Ушбу модда биринчи ва иккинчи қисмларининг амал қилиши:
фақат чет тилларда эълон қилинадиган босма нашрларда ва ноширлик маҳсулотининг бошқа турларида жойлаштириладиган рекламага;
кўрсатувни (эшиттиришни) чет тилларда амалга оширувчи оммавий ахборот воситаларининг теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурларини намойиш этиш (эшиттириш) жараёнида жойлаштириладиган рекламага;
Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги материалларни фақат чет тилларда жойлаштирадиган веб-сайтларнинг ахборот ресурсларига жойлаштириладиган рекламага нисбатан татбиқ этилмайди.
Белгиланган тартибда рўйхатга олинган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари), босма усулда терилган бўғинли белгилар (логотиплар) асли қайси тилда бўлса, шу тилда келтирилиши мумкин.
Шу билан бирга, республика ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилиши ва таржимаси қўшимча равишда бошқа тилларда такрорланиши мумкинлиги белгиланди (аввалги таҳрирда – реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилда тарқатилиши мумкин бўлган).
Ўз навбатида, рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси унинг асосий маъносини бузмаслиги кераклиги асосий талаб ҳисобланади.
Шунингдек, рекламанинг бошқа тилдаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами давлат тилидаги матн ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши, бунда ташқи рекламада умумий реклама майдонининг 40 фоизидан ошмаслиги, теле-, радиоканалларда, босма нашрларда рекламанинг бошқа тилдаги таржимаси ҳар кунги умумий реклама ҳажмининг 20 фоизидан ошмаслиги керак.
Бунда, рекламанинг давлат тилида бўлиши лозимлиги тўғрисидаги талаб бошқа тилларда фаолият юритадиган радио эшиттириш ва теледастурлар, босма нашрларига, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтларнинг ахборот ресурсларига, хорижий тилларда тарқатилган телекўрсатувлар (эшиттиришлар) давомида ҳамда босма нашрларда ва ноширлик маҳсулотининг бошқа турларида жойлаштириладиган рекламага ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги материалларни фақат чет тилларда жойлаштирадиган веб-сайтларнинг ахборот ресурсларига жойлаштириладиган рекламага, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари), босма усулда терилган бўғинли белгилар (логотиплар)га қўлланилмаслиги белгиланган.
Кучга кирган мазкур Қонунга мувофиқ мамлакатимиздаги барча рекламалар, шу жумладан ташқи реклама давлат тилида тақдим этилиши шарт. Бироқ, ушбу норма реклама берувчиларга бундай реклама ахборотининг таржимасини бошқа тилларда эълон қилишларини чекламайди. Шу жумладан рус тилига ҳам.
Бундан ташқари, рекламанинг тилига бўлган талаблар фақатгина чет тилларда фаолият юритаётган ОАВ, нашриёт маҳсулотлари, Интернет тармоғидаги ахборот ресурсларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Шу ўринда, товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари) ва логотипларга ўзгартиришлар киритиш талаб этилмайди.
Қонуннинг якуний таҳририга киритилган ҳар бир норма реклама соҳасидаги экспертлар жамоаларининг вакиллари иштирокида кўп маротаба муҳокама этилди ва миллий реклама бозоримизни ривожлантиришнинг барча замонавий йўналишлари эътиборга олинди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг (янги таҳрирда қабул қилинган) қўлланилиш соҳаси реклама хусусиятидаги маълумотларни ўз ичига олмаган пешлавҳалар ва кўрсаткичларга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгиланган.
Бу борада, Агентлик ўз ваколатлари доирасида реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан доимий равишда ўрганиш, кузатув ва назорат тадбирларини амалга ошириб келмоқда.
Хусусан, республика ҳудудларида жойлашган ташқи реклама ва ахборот объектларидаги рекламаларнинг давлат тилида бўлишини таъминлаш, ташқи ёзув ва бошқа ахборот матнларининг қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан 39 215 та ўрганишлар ўтказилган.
Шундан, 11 555 та ташқи реклама ва ахборот объектларида жойлаштирилган рекламаларда турли камчиликлар аниқланган. Жумладан, 9 139 та ҳолатда ташқи реклама объектлари орқали жойлаштирилган рекламанинг матни бошқа тилларда (асосан рус тилида) берилганлиги кузатилди.
Шунингдек, 2 416 та реклама воситалари орқали жойлаштирилган реклама ва эълонлар матни имловий ва луғавий хатолар билан берилганлиги аниқланди ва ташқи реклама объектлари эгалари билан олиб борилган тушунтириш ва профилактика тадбирлари натижасида камчиликлар бартараф қилинган.
Бундан ташқари, мазкур йўналишда телерадиоканаллар томонидан қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолати юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, таҳлилларга кўра:
жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойлари давомида “Ёшлар” телеканали орқали жами 33 860 та тижорат рекламлари тарқатилган бўлиб, шундан 33 790 (99,8%) таси давлат тилида ва 70 (0,2%) таси бошқа тилларда эфирга берилган;
“Кинотеатр” телеканали орқали жами 31 730 та тижорат рекламалари тарқатилган бўлиб, шундан 31 640 таси (99,7%) давлат тилади ва 90 таси (0,3%) бошқа тилларда эфирга берилган;
тижорат телеканаллари орқали жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида жами 107 643 та реклама реклама тарқатилган бўлиб, шундан 107114 та реклама таси давлат тилади (умумий реклама ҳажмидан 99,5%) ва 529 та реклама (умумий реклама ҳажмидан 0,5%) бошқа тилларда эфирга берилган.
Бундан ташқари, Агентлик томонидан @bexatoreklamabot телеграм боти ишга туширилди. Бу лойиҳа давлат тилини кенг тарғиб қилиш ва ривожлантириш, ёш авлоднинг қалбига она тилисини болаликдан сингдириш, интернет ва алоқа воситалари имкониятларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда ўзбек тилини кенг тарғиб этиш бўйича ишларни кучайтириш муҳим ўрин тутади.
Бу борада, Агентлик томонидан ўзига юклатилган, хусусан, реклама бозорини тартибга солиш соҳасидаги вазифалари амалий ижросини таъминлаш доирасида давлат тилини кенг тарғиб қилиш ва ривожлантиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Булардан бири, ташқи реклама конструкцияларидаги реклама ва эълонлар матнида ахборотнинг маъноси бузилишига олиб келиши мумкин бўлган хорижий сўзлар ва иборалардан фойдаланишга йўл қўймаслик, имловий ва луғавий хатоларга барҳам бериш орқали ўзбек тилининг ривожланишига ҳисса қўшишдан иборатдир.
Шу мақсадда Агентлик томонидан @bexatoreklamabot телеграм боти (тест режимида) ишга туширилди. Ушбу бот орқали эндиликда истеъмолчилар ташқи реклама воситалари орқали жойлаштирилаётган реклама ва эълонлар матнида имловий ва луғавий хатолар учраса, бу ҳақда Агентликка хабар беришлари мумкин.
Ўз навбатида, Агентлик томонидан янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳолига, тадбиркорлик субъектларига, реклама тарқатувчиларга тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишлари билан бир қаторда Қонун талаблари бузилиши билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Тарғибот тадбирларида соҳага масъул бўлган вазирлик ва идораларнинг марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларининг 660 мингдан ортиқ ходимлари иштирок этишди.
Агентлик томонидан қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича тарғибот материаллари тўпламлари (слайд, инфографика) тармоқ корхоналари уюшмалари таркибига кирувчи 3 349 тадан ортиқ корхоналарга етказилиши таъминланди.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини киритилган янгиликлардан хабардор қилишга қаратилган турли кўринишдаги инфографик тўплам ва слайдлар шаклидаги тарғибот материаллари кенг жамоатчилик учун тақдим этиб келинмоқда.
Қонуннинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида тушунтириш ишларини таъминлаш мақсадида бир қатор давра суҳбатлари, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тарғибот тадбирлари ва жамоатчилик муҳокамалари ташкил этилди.
Шу билан бирга, мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини жамоатчиликка тушунтириш бўйича жойларда режа-жадвал асосида тизимли ҳамда манзилли тарғибот тадбирларини ташкил қилиш, тарғибот тадбирларида телевидение ва радио имкониятларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Қонуннинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида тушунтириш ишларини таъминлаш мақсадида 44 та давра суҳбатлари ҳамда жамоатчилик муҳокамалари ташкил этилди.
Мазкур тадбирларда жами 1 193 та тадбиркорлик субъектлари, шунингдек 66 та оммавий ахборот воситалари вакиллари, 119 та босма ва интернет нашрлар, ижтимой тармоқлар ва телеграм мессенжерида ташкил қилинган гуруҳ ва каналлар маъмурлари иштирок этдилар.
Агентлик томонидан мазкур йўналишда ишлар манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ҳамда кенг жамоатчилик назорати элементларидан самарали фойдаланган ҳолда давом эттирилади.
16,343