Самарқанд шаҳар Рудакий кўчасида жойлашган « Ramufa” дўконида бўлган харидорга машҳур бир қути сигарета сотиб олишга пули етмай қолади. Сотувчи эса харидорга “худди шундай сигареталар”нинг арзонроқ нархда борлигини билдириб, унга харид қилишни таклиф этади.Бироқ чекувчи инсон умуман келиб чиқиши ва сифати номаълум бундай маҳсулотларнинг қалбаки эканлигини билмайди.
ҚАЛБАКИ МАҲСУЛОТ НИМАСИ БИЛАН ХАВФЛИ?
Сохта маҳсулотлар ишлаб чиқаришда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи сифати паст, токсик материаллардан фойдаланиб тайёрланганлиги билан хавфлидир. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг асосий вазифаларидан бири бу истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш, шунингдек, товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсизлиги ва уларнинг сифатини назорат қилиш соҳасида ҳамкорлик қилишдан иборат.Агентлик томонидан истеъмолчиларга айрим нопок сотувчилар томонидан сотилаётган қалбаки тамаки маҳсулотлари экспертизадан ўтказилди.
ЭКСПЕРТИЗА НАТИЖАЛАРИ
Агентлик томонидан 6 та турдаги қалбаки тамаки маҳсулотларнинг – Milano London (KSSS) , Milano Paris, , Milano Geneva,, Milano Nyu-York, Milano Tech Lock White, Milano Tech Lock Black каби фильтрли сигареталари лаборатория синовидан ўтказилди. Маҳсулот қутисида (қадоғи) ишлаб чиқарилган сана ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган. Шу билан бир қаторда уларда акциз маркаси ҳам мавжуд эмаслиги маълум бўлди.
Синов тутун конденсатидаги никотин миқдори ва сигарет тутунидаги нам ва никотинсиз қуруқ конденсат (смола-қатрон)ни аниқлаш учун ўтказилди. Текширув натижалари шуни кўрсатдики, тамаки тутуни таркибида инсон ҳаёти учун хавфли бўлган никотин меъёрдан бир неча баравар кўп чиққан.
ҲУРМАТЛИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАР, шуни эсда тутингки, бундай сигареталар таркибида кўплаб зарарли нарсалар бўлиши мумкин. Мутахассислар заҳарланиш ҳолатларини қайд этишади. Ноқонуний тамаки маҳсулоти ишлаб чиқарувчилар эса салбий оқибатлар учун жавобгарликни ўз бўйнига олмайди. Ёдда тутинг, қалбаки сигареталарнинг сотилиши саломатлик ва давлат иқтисодиёти учун зарар!
АСЛ МАҲСУЛОТНИ КОНТРАФАКТДАН ҚАНДАЙ АЖРАТИШ МУМКИН?
Сигаретани сотиб олаётганда эътибор беришингиз керак бўлган биринчи жиҳат – рақамли белгилар мавжудлиги. Бугунги кунда ҳар бир қутида махсус QR-код мавжуд бўлиб, сотиш жараёнида ўқилиб, маҳсулот автоматик муаомаладан чиқарилади. Мобил алоқа ёрдамида ҳар қандай истеъмолчи сотиб олинган тамаки маҳсулотларининг ҳақиқийлигини текшириш мумкин. Шундан сўнггина акциз маркаси ва давлат тилидаги огоҳлантириш ёрлиқлари мавжудлигини текшириб кўриш тавсия этилади.
ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ДИҚҚАТИГА: товарларни сотиб олишдан олдин юқорида келтирилган қалбакилаштириш белгиларига эътибор бериш керак ва улар аниқланган тақдирда ваколатли назорат органларига ёки Агентликнинг 1159 ишонч телефони орқали маълум қилинг.
СОТУВЧИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ!
! Шуни таъкидлаш керакки, бундай ҳолатда сотувчи маҳсулотнинг сифатидан хабадорлиги бўлмаса ва уни сифатли деб ҳисобласа ҳам жавобгар бўлади.
Савдо объектлари қуйидагиларни билиши керак: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий кодексининг 178-моддасига мувофиқ:
Норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчиларга зарар етказиш, шунингдек истеъмолчиларга товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисида ахборот тақдим этмаганлик ёки била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик, шу жумладан истеъмолчиларни товарнинг истеъмолга оид хусусиятлари ёки сифати хусусида чалғитиш, товарни унга ўхшаш маҳсулотлар билан алмаштириб қўйиш, маҳсулотнинг хусусиятлари ва сифатини қасддан ўзгартириш, худди шунингдек қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, олиб кириш ва реализация қилиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
8,184