Агентликнинг Бухоро вилояти ҳудудий тузилмасида ташкиллаштирилган тренингда “German Sparkassenstiftung for International Cooperation” ташкилоти вакили Никол Леончик томонидан истеъмолчиларни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва уларнинг мажбуриятлари ҳақида маълумот бериб ўтилди.
Жумладан, Германияда истеъмолчилар марказларининг федерал уюшмаси, нодавлат ташкилотларида Истеъмолчилар маркази ва Stiftung Warentest ташкилотлари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилади ва улар учун зарур маълумотларни тақдим этиб боради. Мисол тариқасида, Stiftung Warentest ташкилотига тўхталиб ўтсак, мазкур журнал товарлар ва хизматлар тўғрисидаги ишончли маълумотларни чоп этиб боради. Истеъмолчилар мазкур журнал орқали синовдан ўтказилган расмий натижалари билан танишиб чиқиш имкониятига эга бўладилар.
Stiftung Warentest товарлар ва хизматларни синовдан ўтказиш бўйича миллий ташкилот бўлиб, ярим аср давомида истеъмолчиларга товарлар сифати ва хавфсизлиги бўйича зарур маълумотларни етказиб бориши туфайли, мазкур ташкилотга истеъмолчиларнинг ишончи юқори ҳисобланади. Ташкилот 1964 йилда Германия Федерал Парламенти томонидан истеъмолчиларга товарлар ва хизматларга холис ва объектив баҳо бериш, маълумотлар билан таъминлаш орқали кўмак бериш мақсадида ташкил этилган. Немисларнинг 96 фоизи Ташкилотни яхши билишларини ва 80 фоизи эса унга ишончи юқорилигини таъкидлашган.
Ташкилот мустақил институтларда илмий усуллардан фойдаланган ҳолда товарлар ва хизматларни синовдан ўтказади ва натижаларини ойлик журналда чоп этади. Фуқаролик қонунчилигига мувофиқ, Ташкилот мустақил бўлиб, тест синовларини режалаштириш, мустақил равишда тест мезонларини ишлаб чиқиш ва қўллаш ҳуқуқига эга. Ташкилот товарларни чакана савдо дўконларидан сотиб олиш ва сирли харидор хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистонда ҳам Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳар бир маҳсулотларнинг сифатини назоратдан ўтказиб боради. Дастлаб маҳсулотларнинг намуналарини сотиб олиш мақсадида назорат хариди ўтказилади. Бу жараён “Тошкент” телеканали “Сифат назорати” кўрсатуви орқали аҳолига етказилади. Кўрсатув давомида товарлар, уларнинг қадоқлари, сифати ва хавфсизлиги ҳақида соҳа мутахассислари томонидан тегишли тавсиялар бериб борилади. Шундан сўнг экспертиза натижалари бўйича Агентлик веб-сайти, телеграм каналлари ҳамда мазкур кўрсатув орқали батафсил маълумотлар берилади. Тегишли ваколатли органлар томонидан норматив ҳужжатларга номувофиқ бўлган маҳсулотларнинг камчиликлари бартараф этилади.
Дарҳақиқат, иккала давлатда ҳам олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ички истеъмол бозорида сифатсиз, истеъмолга яроқсиз маҳсулотлар сотилишининг олдини олишга қаратилмоқда.
Тренинг қизиқарли савол-жавобларга бой бўлди.
12,823