Ўзбекистонда ёз энг қизғин паллага кирди. Мамлакатимизда ўртача ҳарорат +28 °C … +35 °C га тенг. Айниқса чўл ҳудудларида ҳаво жазирама иссиқ: термометр 40 даражага етиши мумкин. Хўш,бу даврда юрптимизда қуёшдан қандай ҳимояланиш керак?
Ушбу мақолада ультрабинафша нурланиши ва унинг салбий таъсири муҳокама қилинади ва қуёшдан ҳимоя қилувчи воситалардан фойдаланиш бўйича AҚШнинг озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар сифати бўйича санитар назорат идораси ҳамда Aмерика саратон жамиятининг бир қатор тавсиялари бериб ўтилади.
Ультрабинафша (УБ) нурланиш – бу қуёш ва сунъий манбалардан, масалан, солярий ва пайвандлаш машъалларидан келадиган электромагнит нурланишнинг бир шаклидир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тизимига кирувчи Халқаро саратон тадқиқотлари агентлиги ультрабинафша нурларида тобланиш учун мўлжалланган воситаларни одамларда саратон касаллигини келтириб чиқарадиган I-гуруҳ агенти сифатида рўйхатга олган. Шунингдек, I-гуруҳ плутоний, тамаки ва қуёш ультрабинафша нурланиши каби агентларни ўз ичига олади.
Ер юзидаги барча одамлар қуёшдан чиқувчи ультрабинафша нурланишига учрайди. Ультрабинафша нурланиши ёки радиацияси тўлқини узунлиги 100-400 нанометр бўлган электромагнит тўлқинлар оралиғига киради ва уч гуруҳга бўлинади:
- A 315-400 нанометр
- В 280-315 нанометр
- C 100-280 нанометр
Қуёш нурлари ультрабинафша нурланишининг асосий манбаи ҳисобланади. Ҳар хил турдаги ультрабинафша нурлари Ер сайёрасига ҳар хил миқдорда етиб келади. Ерга етиб келадиган ультрабинафша нурларининг тахминан 95 фоизи A гуруҳ УБ нурларини, қолган 5 фоизи эса В гуруҳ УБ нурларини ташкил этади.
УБ нурларининг ерга етиб келиш кучи бир қатор омилларга боғлиқ, масалан:
- Кун вақти: УБ нурларининг таъсири куннинг соат 10:00 дан 16:00 гача бўлган оралиғида энг кучли ҳисобланади.
- Йил фасли: УБ нурлари баҳор ва ёзда кучлироқ бўлади.
- Денгиз сатҳидан баландлик: Баландроқ жойларда кўпроқ УБ нурлари ерга етиб келади.
- Булутлар: Шуни билиш муҳимки, яъни УБ нурлари ҳатто булутли кунда ҳам ерга етиб келади.
- Турли сиртлардан акс этиш: УБ нурлари сув, қум, қор, йўлак ва ҳаттоки майсалар юзаларида ҳам акс этиши мумкин.
- Ҳавонинг таркиби: Aтмосферанинг юқори қатламидаги озон УБ нурланишининг бир қисмини тозалайди.
Инсоннинг ультрабинафша нурланишига таъсир қилиш миқдори нурларнинг кучига, терининг қанча вақт давомида қуёш таъсири остида бўлганлигига ва терининг кийим ёки қуёшдан ҳимояловчи крем билан қоплаганганлигига боғлиқ.
Глобал қуёш ультрабинафша индекси нима?
Глобал қуёш ультрабинафша индекси (УБИ) ер юзасидаги қуёш ультрабинафша нурланиш даражасини 1 дан 10+ гача бўлган даражада тавсифлайди. УБИ даражаси қанчалик баланд бўлса, терининг шикастланиш эҳтимоли шунчалик юқори бўлади.
УБ нурланишининг инсон терисига таъсири жадвали.
ИНДЕКС ҚИЙМAТИ | ТAЪСИРИ |
0-2 | Минимал. Оддий одам учун қуёш ультрабинафша нурлари хавфи паст. |
3-4 | Паст. Қуёш нурлари остида терининг шикастланиш хавфи паст. Кўпчилик одамлар 45 дақиқадан сўнг қуёшда куйиши мумкин. |
5-6 | Ўртача. Қуёш таъсирида терининг шикастланиш хавфи ўртача. Кўп одамлар 30 дақиқада куйишни бошдан кечиришлари мумкин. |
7-9 | Юқори. Тери ҳимояланмаганда қуёш таъсиридан зарар етказиш хавфи юқори. Кўпчилик одамлар 15 дақиқадан камроқ вақт ичида куйишни бошлайди. |
10+ | Жуда юқори. Қуёшдан ҳимояланмаган ҳолатда қуёш таъсиридан зарар хавфи максимал даражада бўлади. Кўпчилик одамлар ҳимоясиз атиги 10 дақиқа ичида шикастланадилар. |
Ўзингизни қуёш нурларидан ҳимоя қилинг
Эҳтимол, ҳар йили миллионлаб тери касалликларининг олдини олишнинг энг осон усулларидан бири – бу қуёшдан ҳимояловчи кремларни мунтазам равишда фойдаланишдир. Аммо, кўпчилигимиз буни ҳали-ҳануз унутамиз.
Косметика дўконларида сиз турли ҳил қуёшдан ҳимояловчи кремларини учратишингиз мумкин. Aммо, улардан қайси бири терингизга энг мос келишини қандай билиш мумкин?
AҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика идораси қуйидагиларни тавсия қилади:
- “Кенг спектрли” ҳимояга эга қуёшдан мақловчи кремини танланг. Ушбу ёрлиқли қуёшдан ҳимояловчи воситалар А ва B тоифасидаги УБ нурларидан ҳимоя қилади. Барча қуёшдан ҳимояловчи воситалари тери куйиши ва тери саратонининг асосий сабаби бўлган B тоифасидаги нурлардан ҳимоя қилади. Aммо A тоифасидаги УБ нурлари ҳам тери саратони, ҳам эрта қаришга ҳисса қўшади. Таъкидлаш жоизки, фақат маълум бир синовдан ўтган маҳсулотларга “кенг спектр” белгиси қўйилиши мумкин. Кенг спектрга эга бўлмаган маҳсулотлар тери саратони ёки терининг қаришидан эмас, балки фақат куйишдан ҳимоя қилиш мумкинлиги ҳақида огоҳлантириши лозим.
- Қуёшдан ҳимоя қилувчи кремингизнинг ҳимоя қилувчи омили (SPF) 30 ёки ундан юқори бўлганлигига ишонч ҳосил қилинг. SPF сони қуёшдан ҳимоя қилувчи кремнинг B гуруҳи нурларидан ҳимоя қилиш даражасини кўрсатади. SPF 15 қуёшдан ҳимояловчи кремлар B нурларининг тахминан 93 фоизини, SPF 30 кремлар – 97 фоизини, SPF 50 – 98 фоизини ва SPF 100 эса тахминан 99 фоизини фильтрлайди. Шуни билингки, ҳеч қандай қуёш креми сизни тўлиқ ҳимоя қилмайди.
- “Сув ўтказмайдиган, сувга чидамли”. Ҳеч бир қуёшдан ҳимоя қилувчи крем “сув ўтказмайдиган” ёки “сувга чидамли” хусусиятга эга эмас. Aгар маҳсулотнинг олд ёрлиғида унинг сувга чидамлилиги ёзилган бўлса, у сузиш ёки терлаш пайтида 40 ёки 80 дақиқа давом этишини кўрсатиши керак. Агар сиз сувда бўлсангиз энг яхши натижага эришиш учун камида ҳар 2 соатда қуёшдан ҳимоя қилувчи кремни қайта суртинг.
Қуёшдан ҳимоя қилишнинг бошқа усуллари ҳам бор…
Қуёшдан сақловчи кремини тўғри танлаш ва уни тўғри ишлатишдан ташқари, терингизни эрта қариш ва тери саратонига олиб келиши мумкин бўлган қуёш таъсиридан ҳимоя қилиш учун қуйидагиларга риоя қилинг:
- Ўзингизни мато билан ёпинг. Қуёшда бўлганингизда, терингизни иложи борича ҳимоя қилиш учун кийим ва кенг қиррали шляпа кийинг. Кўзларингизни ультрабинафша нурланишининг камида 99 фоизини тўсадиган кўзойнаклар билан ҳимоя қилинг.
- Соя қидиринг. Айниқса ультрабинафша нурлари энг кучли бўлган соат 10:00 дан 16:00 гача вақт оралиғида тўғридан-тўғри қуёш таъсирини чекланг.
- Солярий ва қуёш лампаларидан сақланинг. Буларнинг иккаласи ҳам терига жиддий узоқ муддатли зарар етказиши ва тери касалликларининг ривожланишига олиб келиши мумкин.
- УБ индексига эътибор беринг. Юқоридаги жадвал ҳар қандай кунда қуёш таъсири қанчалик зарарли бўлишини билдиради. Уни кўпинча кундалик об-ҳаво маълумотига киритилади. Ушбу индекс кўрсаткичи 10 ва ундан юқори бўлган пайтида одамлар уйда қолишга ҳаракат қилишлари керак.
УБ нурланишининг асосларини ва унинг терига таъсирини билиш ўзингизни тери касалликларидан қандай ҳимоя қилишни ўрганишдаги биринчи муҳим қадамдир.
12,098