Навоий вилояти
Банк кредити нима?
Тадбир давомида ўқувчиларни қизиқтирган масалалардан бири квартира сотиб олишга ёки шошилинч даволаниш учун пул топишга ёрдам берадиган қулай молиявий восита бўлмиш кредитлари ҳақида бўлди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан Навоий шаҳридаги 1-сон касб- ҳунар мактаби ўқувчилари билан ўтказилган “Молиявий саводхонлик” мавзусидаги ўқув-семинар қизиқарли савол-жавобларга бой бўлди. Унда Агентлик бошқарма бошлиғи О.Садуллоев томонидан ўқувчиларга молия соҳасида биринчи ва энг муҳим бўлган қоидалар, харажатлар ва даромадлар, муддатли ва жамғарма омонатлар, банк ва унда кўрсатиладиган хизматлар ҳақида қизиқарли маълумотлар бериб ўтилди.
Хусусан, Банк кредити – банк қарз олувчига маълум муддатга ва маълум бир ҳақ эвазига пул қарз берадиган хизматдир. Умуман олганда, кредит пул топишга ёрдам берадиган қулай молиявий воситадир. Лекин сиз шуни билишингиз керакки, кредит олиш инсондан масъулият ва интизом талаб қиладиган жуда жиддий қарор.
Кредит пуллари шартнома шартларига мувофиқ қатъий равишда банкка қайтарилиши, шунингдек, кредит бўйича фоизларни тўлаш кераклигини аниқ билиши керак. Кредит мажбуриятларини ўз зиммангизга олишдан олдин, кредит оғир юк эмас, балки мақсадларга эришиш воситаси бўлиши учун яхшилаб ўйлаб кўрилиши лозим.
Эсда тутиш лозимки, кредит шартномасини имзолаш орқали истеъмолчи унинг барча шартларига розилик билдиради ва уларга риоя қилиш мажбуриятини ўз зиммансига олади.
Шахснинг кредит бўйича ўз мажбуриятларини бажариши тўғрисидаги маълумотлар унинг кредит тарихини шакллантириш учун муҳимдир.
Кредит тарихи – бу шахснинг кредит операциялари бўйича мажбуриятларини бажариши тўғрисидаги маълумотлар. Кредит тарихи банклар, нобанк кредит-молия ташкилотлари, микромолия ташкилотлари томонидан тақдим етилган маълумотлар асосида шакллантирилади.
Кредит тарихида мавжуд бўлган маълумотлар, албатта, молиявий институтлар учун ўзларининг потенциал мижозларининг мажбуриятларини бажаришда кредит қобилияти ва ҳалоллигини баҳолаш учун жуда фойдалидир.
“Молиявий саводхонлик” мавзусида ўтказилган ўқув семинари ёшларда катта таассурот қолдирди.
Маълумот ўрнида: Мазкур тадбирлар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва German Sparkassenstiftung for International Cooperation (Германия) ташкилоти билан ҳамкорликда жорий йилда имзоланган ўзаро Англашув меморандумига асосан ўтказилмоқда.
8,688