Харид қилган автомобилимнинг бўёғи сифатсиз чиқди, энди уни қандай алмаштириш мумкин?
Чакана савдо қоидаларига асосан кафолат муддати мобайнида автомобилларни алмаштириш, кузов ёки камида иккита агрегатни алмаштириш зарур бўлган тақдирда, эксперт комиссияси қарорига кўра (ушбу қоидаларнинг 130-бандига мувофиқ) амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддасига асосан, нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб қуйидагилардан бирини талаб қилишга ҳақли:
- товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш;
- товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишлича қайта ҳисоб-китоб қилиш;
- товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;
- харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;
- шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.
Янги машинада муаммо пайдо бўлса кимга мурожаат қилиш керак?
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт.
Шунингдек, 11-моддада ишлаб чиқарувчи (ижрочи)нинг кафиллик мажбуриятлари белгилаб берилган. Унга кўра, узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарлар ва хизматларга ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати белгилаши лозим.
Ишлаб чиқарувчи товардан кафолат муддати ва хизмат муддати мобайнида фойдаланиш имкониятини таъминлаши, товарнинг таъмирланишини ва унга техник хизмат кўрсатилишини ташкил этиши, товарни ишлаб чиқариш муддати мобайнида ҳамда у ишлаб чиқаришдан олиб ташланганидан кейин товарнинг хизмат муддати мобайнида, бундай муддат бўлмаган тақдирда эса, товар ишлаб чиқаришдан олиб ташланган пайтдан эътиборан ўн йил мобайнида етарли ҳажмда ва турда эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариши ҳамда савдо ва таъмирлаш ташкилотларига етказиб бериши шарт.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳар қандай янги автомобиль кафолат муддати билан сотилиши ва истеъмолчи кафолат муддати мобайнида бузилган автомобили бўйича биринчи навбатда ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган сервис марказига мурожаат қилиши (бу ҳар бир автосалонда мавжуд), унинг хизматидан ёки жавобидан қониқмаган тақдирда Агентликнинг 1159 қисқа рақамли телефонига мурожаат қилиши мумкин ва қонунчиликка мувофиқ давлат томонидан кафолатланган ҳуқуқларини тикланишига эришади.
Автомобиль харид қилиш билан боғлиқ мурожаатлар қандай ечим топмоқда?
Ўтган давр мобайнида Агентликка истеъмолчилардан автомбиль харид қилиш билан боғлиқ 915 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Булар автомобилларни белгиланган муддатларда етказиб бермаслик, ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган кафолат муддатида аниқланган нуқсонлар шулар жумласидандир. Мурожаатларни кўриб чиқилиши натижасида истеъмолчиларга 7 млрд. 359 млн. 997 минг сўмлик нуқсон, камчиликлар бартараф этилиб, кечиктириб етказиб берилганлик бўйича пенялар – устамалар истеъмолчилар фойдасига ундирилди.. Шундан 21 та ҳолатда автомобиллар янгисига алмаштирилган ва 36 та ҳолатда айрим нуқсонларни бартараф этиш таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
84,285