Истеъмолчи асоссиз қарздорлик бўйича ўз ҳуқуқини талаб қилиб тўғри қилди. Бўлмаса бугунги кун 1 м3 учун 380 сўм нархи билан истеъмолчи 1774 куб метр газ учун тўловни яна қайта амалга оширишига тўғри келарди. Сирдарё тумани Улуғбек маҳалласида яшовчи И.Ю.нинг мурожаати бўйича таъминотчи корхонада тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилиб кўрилганда ҳам қарздорлик чиқаверади. Шундан сўнг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Сирдарё вилояти ҳудудий тузилмасига йўналтирилган мазкур мурожаат кўриб чиқилди. Истеъмолчи И.Ю. томонидан тақдим этилган тўлов квитанцияларини ўрганиш жараёнида 2017 йил оралиғида Сирдарё тумани почта Алоқа тармоғига фойдаланилган табиий газ учун 674 260 сўм тўлаган пули газ таъминоти корхонасининг ҳисоб рақамига бориб тушмагани аниқланди.
Агентликнинг Сирдарё вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан “O’zbekiston pochtasi” АЖ Сирдарё филиалига таъминотчи корхонага ўтказилмаган тўловни бугунги кундаги нархлари ўртасидаги тафовутни ҳисобга олган холда келтирилган зарарни қоплаб бериш бўйича хат чиқарди. Аммо мазкур филиал ўз жавоб хатида фақат 674 260 сўм тўлов тўлиқ қайта ҳисоб-китоб қилинганлигини, аммо ўртадаги тафовутни табиий газнинг метр куб ҳажми бўйича қайта ҳисоб-китоб қилиш имкони мажуд эмаслигини билдирган.
Шундан сўнг ҳудудий тузилма томонидан “O’zbekiston pochtasi” АЖ Сирдарё филиалига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди. Натижада табиий газ тарифлари ўратасидаги тафовут яъни 351 880 сўм миқдоридаги пул маблағлари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, фуқаронинг “Сирдарётумангаз” газ таъминотидаги шахсий ҳисоб рақамига жами бўлиб 1 026 140 сўм ўтказдирилиб берилди.
Маълумот ўрнида. Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддасига асосан ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт.
4,856