Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига янги уй-жойларни харид қилишга бошланғич тўловни амалга оширган, аммо хонадонни унга ўз вақтида ола олмай ойлаб, ҳатто йиллаб сарсон бўлаётган фуқаролардан мурожаатлар келиб тушмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида Агентлик томонидан қурилиш масалалари бўйича 500 дан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг аксарияти суд орқали ҳам ўзимини топмоқда.
Агентликка Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаролар A.Б. ва X.A. мурожаат қилиб, «Askiya city» турар-жой мажмуасидан сотиб олинган хонадон учун тўланган дастлабки тўловларни қайтаришда амалий ёрдам беришни сўраганлар. 2019 йил 7 июнь куни фуқаро A.Б. билан қурувчи «Insoft invest» МЧЖ ўртасида шартнома имзолаган бўлиб, шартнома шартларига кўра, инвестиция бадали сифатида 147 миллион сўмдан ортиқ тўлов амалга оширилган. Ҳудди шунингдек, фуқаро X.A. ҳам 2019 йил 11 ноябрь куни шартнома тузиб, 119 миллион сўмдан ортиқ пул тўлаган. Шартномага кўра, қурувчи турар-жой мажмуасини 2020 йил охиригача фойдаланишга топшириш мажбуриятини олган. Аммо бугунги кунда ҳам бу янги бинонинг қурилиши тугалланмаган. Аввал карантин, кейин пандемиядан кейинги вазият. Қурувчи эса истеъмолчиларга пулни қайтаришдан бош тортиш учун кўплаб сабабларни топади. Истеъмолчи A.Б. қайта-қайта мурожаати қилишига қарамай, қурувчи тўланган 147 миллион умумий пул маблағидан атиги 5 миллионини қайтариб беради.
Муаммолари ҳал бўлмаган мурожаатчилар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилишга мажбур бўладилар. Ўтказилган ўрганишлар натижаси “INSOFT INVEST” МЧЖ ҳаракатлари “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6, 7, 19 ва 21-моддалари талабларини бузганлигини кўрсатди.
Тўпланган ҳужжатлар Агентликнинг Махсус комиссиясида кўриб чиқилди. Комиссия қарорига асосан, низони судгача ҳал этиш тартиби бўйича «INSOFT INVEST» МЧЖга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Бироқ, «INSOFT INVEST» МЧЖ истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма ижросини амалга оширмаган. Шу сабабли Агентлик даъвогар сифатида судга мурожаат қилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туманлараро судида жавобгар «INSOFT INVEST» МЧЖга нисбатан шартномани бекор қилиш, тўланган пул ва пеняни ундириш тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.
Ниҳоят истеъмолчи ҳуқуқлари суд орқали ҳимоя қилинди. Агентликнинг моддий зарар ва неустойка ундириш ҳақидаги даъво аризалари судда қаноатлантирилди. “INSOFT INVEST” МЧЖ билан икки истеъмолчи ўртасида тузилган шартномалар бекор қилинди. Асосийси, суднинг ҳал қилув қарорига кўра, Б.А.га инвестиция бадали сифатида киритган 143 млн 403 минг 105 сўм ва белгиланган 30 млн сўм неустойка ва А.Х.га 119 млн 149 минг 600 сўм миқдоридаги бадал ва белгиланган 45 млн сўм миқдорида неустойка ундириб берилиши ижрога қаратилди.
Ҳурматли истеъмолчилар! https://mc.uz/ulushdor/ ҳаволаси орқали қурилаётган уйнинг рўйхатдан ўтганлигини текширишингиз мумкин. Бу ҳаволада барча учун очиқ бўлган мажмуа ва қурувчи ташкилот номи, манзили ҳамда бошқа маълумотлар берилган.
Қурилиш соҳасида ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг 1159 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилинг.
35,981