Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига биологик фаол қўшимчалар бўйича мурожаатлар келиб тушмоқда. Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида яшовчи фуқаро “Avicenna’s LAB” компаниясидан БФҚ сотиб олган. Мазкур маҳсулот “мўъжизавий” шифобахш хусусиятларга эга бўлиб, 3 ой давомида қўллаш натижасида беморларнинг аҳволи яхшиланади деб реклама қилинган.
Лекин истеъмолчи 8 ой давомида БФҚ қабул қилиб ижобий таъсирини сезмайди ва компанияга мурожаат қилади. Мурожаатига ечим топа олмагач, pm.gov.uz порталида мурожаат қолдиради.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ходимлари мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида компания вакиллари билан боғланиб, истеъмолчининг қонуний ҳуқуқлари юзасида уларга тушунтиришлар бердилар.
Хусусан, агар товар ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилганлиги, зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.
Тез орада истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланиб, унга 3 680 000 сўм пул маблағлари қайтарилишига эришилди.
Махлиё МАХМУДОВА
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бош мутахассиси
18,572