Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 сентябрдаги ПФ-5817-сон Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрдаги 1015-сон қарори ҳамда бошқа ҳужжатларда белгиланган топшириқ ва вазифалар ижроси юзасидан 2021 йил давомида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан,
- 1. Истеъмолчилар ўз ҳуқуқлари бузилиши юзасидан Агентликка 26 249та шикоят билан мурожаат қилган. Мурожаатларни кўриб чиқиш ва ўтказилган ўрганишларда 6,8млн.дан ортиқ истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги ҳамда уларга 150,5 млрд. сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланган (2020 йилда 21,4 минг мурожаат келиб тушган, 4 млн истеъмолчи ҳуқуқи тикланган ва 54,7 млрд. сўм зарар аниқланган).
Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 81 фоизи қаноатлантирилган ва ҳуқуқий ёрдам бериш орқали ҳал этилган.
Аҳолининг коммунал соҳага оид муаммолари бўйича август-декабр ойларида жойларда қабул қилинган 3 960 нафар истеъмолчининг 59,7% муаммоси жойида ҳал қилинган, 38,0% бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилган, 92 та мурожаат атрофлича ўрганиб чиқиш учун қабул қилинган ва ҳал этиш чоралари кўрилган.
- 2. Аҳоли ва тадбиркорларнинг истеъмол маданияти ҳамда ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида 531 та тадбир ташкил қилинди, ОАВда турли мавзуларда жами 4 568та материал ва ҳуқуқий ахборот жойлаштирилди.
Хусусан, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” ва 15 март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунига ва апрел ойида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллигига бағишланган кенг қамровли маърифий ишлар ташкил этилди. Хусусан, республика ҳудудларидаги 199 та мактаб ва олий таълим муассаларида 15,7 минг нафар ёшлар учун “Истеъмолчи рақамли маконда”, “Оқилона истеъмол” мавзуларида тақдимот тадбирлари ўтказилди.
Ҳудди шунингдек, 11 ноябрь – Бутунжаҳон сифат кунига бағишлаб республикадаги 149 та ўрта махсус таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларда семинар ва ўқишлар, ёшлар билан учрашув ташкил қилинди, тадбирларда 7488 нафар ўқувчи ёшлар “Сифат янги имкониятларни очиб бeради”, “Биз сифат тарафдоримиз” мавзуларида тақдимот (презентация) ўтилди.
Маҳалла, Халқ қабулхоналари, Давлат хизматлари марказлари, коммунал, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, таълим муассасаларига 10 055 та махсус плакатлар жойлаштирилди, аҳоли ва ёшларга 605 та махсус брошюралар тарқатилди.
Агентликнинг интернетдаги расмий веб-сайти (www.consumer.uz) ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали фаолиятга оид материаллар ва ҳуқуқий ахборотлар билан бирга истеъмолчилар учун зарур бўлган маълумот ва тавсиялардан иборат бўлган маълумотлар жойлаштириб келинмоқда.
- Амалдаги 40 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида хатловдан ўтказилди, бошқа вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган 102та ҳужжат лойиҳалари истеъмолчиларга таъсири баҳоланди, тегишли хулоса ва таклифлар берилди. 2 та қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилиб, Сенатга киритилди. Шундан, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Сенат томонидан маъқулланган, “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси Сенатда кўрилмоқда.
- Ички бозорларда сифатсиз ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарлар сотилишини аниқлаш мақсадида, товарлар назорат харидини ва уларни синовдан ўтказиш йўлга қўйилган.
Аҳоли ва кенг жамоатчиликни товарлар сифати ва хавфсизлиги тўғрисида доимий равишда хабардор қилиб бориш мақсадида 2021 йил январь ойидан бошлаб “Тошкент” телеканалида “Сифат назорати” телекўрсатуви ташкил қилинди. Агентлик томонидан ва “Сифат назорати” телекўрсатуви билан ҳамкорликда жами 182 номдаги (49 турдаги) маҳсулотлар назорат хариди амалга оширилган ҳамда уларнинг экспертизаси натижаларида 43 номдаги маҳсулот норматив-техник ҳужжатлар талабларига номувофиқлиги аниқланган. Шундан, 10 та корхонага берилган мувофиқлик сертификати ваколатли орган томонидан бекор қилинган.
- Истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатлар, Агентлик иш режаси ва бошқа идоралар томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида ўтказилган 826та ўрганиш ва таҳлилларда истеъмолчилардан жами 127 026,4 млн сўм миқдорида ортиқча ҳақ олингани аниқланган.
- Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан 337та субъектга иш қўзғатилиб, қонунбузилиши ҳолатларини тугатиш юзасидан кўрсатма берилган. 44 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли судларга юборилган ва 32 нафар шахсга нисбатан жами 12,4 млн сўм миқдорида маъмурий жарима белгиланган.
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан агентлик фаолияти ўрганилди ва ушбу қўмитада Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директорининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахбороти тингланди. 2021 йил 14 сентябрда қўмитанинг “Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директорининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахбороти ҳақида”ги 100-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор ижроси доирасида Агентлик томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига оид тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.
- Рекламаларни жойлаштирилиши ва тарқатилиши бўйича жами 26 894 та ўрганиш (мониторинг)лар ўтказилган ҳамда 15 486 та ҳолатда турли камчиликлар аниқланган ва уларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилган.
Шундан, тотализатор ва букмекерлик фаолияти рекламасини жойлаштириш ҳолатларини бартараф қилиш бўйича 1 105 та объектларда ўтказилган ўрганишларда 102 та ҳолатда бундай хизматлар рекламаси аниқланган ва бартараф этилган. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги орқали 30 дан ортиқ онлайн-букмекерлик билан ноқонуний фаолият юритувчи сайтларга кириш чеклаб қўйилган.
Республика бўйича 386 та моддий маданий мерос объектларида ташқи рекламани жойлаштириш бўйича ўрганишлар олиб борилганда, тарихий обидаларга 25 дан ортиқ ҳолатда рухсатсиз реклама жойлаштирилганлиги аниқланган ва уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.
Савдо ва умумий овқатланиш объектлари ташқи ва ички қисмида реклама қилиниши тақиқланган маҳсулотларга (тамаки, алкогол, электрон сигатет, пиво ва бошқалар) тегишли реклама-ахборотларини жойлаштириш ҳолатлари бўйича ўтказилган ўрганишларда аниқланган 403 та, рағбатлантирувчи акция ва тадбирларга оид рекламалардаги 942 та, нодавлат таълим ва хорижда ўқиш хизматларини кўрсатиш, даволаш, тиббий хизмат ва диагностика хизматларини кўрсатиш, халқ табобати билан боғлиқ фаолиятга оид ахборотлардаги 64 та қонунбузилиш ҳолатлари, шунингдек пешлавҳа, эълон ва бошқа ахборот матнларининг 3259 тасидаги давлат тили қоидаларига мос келмайдиган ҳолатлар бартараф этилиши таъминланган.
Тақдим этилган реклама эскизларини амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан 252 та экспертиза ва таҳлиллар ўтказилган ҳамда уларнинг 71 таси (28%) бўйича реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига номувофиқлиги ҳақида хулосалар берилган.
Нотўғри реклама оқибатида сотиб олинган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчига 146 млн сўм миқдордаги етказилган зарар тўлиқ ҳажмда қоплаб берилиши таъминланган.
- Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш масалалари бўйича 17 та халқаро тадбирларда иштирок этилган, шунингдек 1 та халқаро лойиҳа якунланган, 2 та ўзаро англашув меморандуми имзоланган ва 3 та тренинг ўтказилган.
Корея истеъмолчилар агентлиги (Korea Consumer Agency) билан ҳамкорликда ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) томонидан ажратилган 50,0 минг АҚД доллари миқдоридаги грант доирасида “Ўзбекистонда истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлашни ихтисослаштириш ва такомиллаштириш” бўйича 6 ойлик лойиҳа амалга оширилди. Корея истеъмолчилар агентлиги билан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўртасида Англашув меморандуми масофавий тарзда имзоланди ва келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.
Агентлик томонидан ЮНКТАД, Халқаро молиявий истеъмолчилар академияси, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Монополияга қарши сиёсат бўйича давлатлараро кенгаш ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан ташкил қилинган тадбирларда, “8-Осиё истеъмолчилар сиёсати форуми”да онлайн равишда иштирок этилди.
German Sparkassenstiftung for International Cooperation (Германия) ташкилоти билан ҳамкорликда 2021-2023 йилларга мўлжалланган Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш миллий стратегияси ижросини ва молиявий секторда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида “Масъулиятли молия” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Келишувлар доирасида октябрь ойида Агентликнинг 30 дан ортиқ ходимлари учун 3 ҳафта давомида Германиялик экспертлар томонидан интерактив коммуникация (мулоқот) усуллари бўйича ўқув-амалий семинарлар ташкил этилди.
2021 йил 21 декабрь куни Агентлик билан Халқаро ҳамкорлик бўйича German Sparkassenstiftung ташкилоти билан англашув меморандуми ва ўқув фондини тузиш тўғрисида биргаликдаги баённома имзоланди. Лойиҳа доирасида олиб бориладиган ўқитиш ва малака ошириш тадбирларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Агентликка 60,0 минг евро миқдорида мақсадли грант маблағи ажратилди.
- Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида Агентликка (86, 134, 135-бандлар) белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалий чоралар кўрилди.
Хусусан, Истеъмолчилар ҳуқуқи устуворлигини таъминлаган тадбиркорлик субъектларини баҳолаш ва рейтингини тузиш тартиби (методикаси) ишлаб чиқилди.
Ташқи реклама объектларини рақамли мониторинг қилиш тизими fairtech.uz веб-сайтида ишга туширилди. Тизим маълумотлар базасига республика ҳудудларидаги 7293 та, шундан Тошкент шаҳри бўйича 4314 та ташқи реклама объектлари (конструкциялари) бўйича маълумотлар тўлиқ киритилди ва ушбу ташқи реклама конструкцияларининг жойлашуви бўйича ҳамда уларга жойлаштирилган рекламани онлайн мониторинг қилиш имконияти назарда тутилди.
Шунингдек, истеъмолчилар учун зарур бўлган маълумотларни ўз ичига олувчи “Smаrt cоnsumеr” ахборот тизими www.smart.cоnsumеr.uz веб-сайтида ишга туширилди. Тизим орқали истеъмолчилар онлайн тарзда мурожаатларни юбориш ва мутахассислардан маслаҳат олиш имкониятидан фойдаланишлари мумкин.
Агентлик ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда мурожаатлар билан ишлашнинг қамров даражасини кенгайтириш, товарлар (иш, хизматлар) сифатли ва хавфсиз бўлишини таъминлаш, аҳолининг истеъмолчилик билими ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва истеъмолчиларнинг ахборот хабардорлигини оширишга қаратилган интерактив хизматларни жорий қилиш, ёшлар ўртасида оқилона истеъмол усулларини кенг тарғиб қилиш, норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва бошқа йўналишларда ишларни давом эттиради.
92,328