8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни
Фуқароларнинг ҳуқуқий билимлари онги ва маданияти юксак даражада бўлсагина, улар ижтимоий ҳаётда бўлаётган ўзгаришларга фаол муносабатда бўлишади, шахсий фикрларини билдирган ҳолда, жамият тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшиши мумкин бўлади.
Ана шу мақсадлар йўлида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий тузилмаси томонидан “8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни” муносабати билан “Ўрикзор Савдо комплекси” МЧЖда тарғибот тадбири ўтказилди. “Мадад” ННТ билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Тошкент шаҳар ва туман Адлия бўлимлари ходимлари ва тадбиркорлар иштирок этди.
Мазкур тадбирни ўтказишдан асосий мақсад Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни билан белгиланган ҳақ-ҳуқуқлари ва савдо ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасидаги муаммолар ва уларнинг ҳуқуқий ечими юзасидан аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишдан иборат бўлди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилиши кафолатланган.
Тадбир иштирокчилари томонидан Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Бош қомус эканлиги, халқимизнинг иродаси, руҳияти, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттириши, унинг халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсули экани ҳақида фикрлар билдирилди. Шунингдек, Конституцияни ишлаб чиқиш, муҳокама этиш ва қабул қилиш жараёнлари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтилди.
5,070