Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ходимлари томонидан республиканинг ички истеъмол бозорларида маркировкалаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги (озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда сотишда) талабларига риоя қилинишини аниқлаш мақсадида ўтказилган мониторингда қуйидаги ачинарли маълумотлар аниқланди.
Хусусан, 10 иш куни давомида 284 та савдо объектида кузатув йўли билан олинган маълумотларга кўра, уларда 1 045 та ҳолатда
(Қорақолпоғистон Республикаси – 109 та,
Жиззах вилояти 108 та,
Андижон вилояти – 96 та,
Наманган вилояти – 79,
Қашқадарё вилояти – 79,
Тошкент шаҳри – 72 та ва бошқалар)
озиқ-овқат маҳсулотларини маркировкалаш қоидалари бузилганлиги қайд этилди.Ушбу маҳсулотларнинг 32 таси ёки 3 фоизи импорт маҳсулоти бўлса, қолган маҳсулотлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тегишли. Таҳлиллар давомида маркировкалаш қоидалари 323 та (31 %) ҳолатда қандолатчилик маҳсулотларида, 180 та (17%) ҳолатда сут маҳсулотлари, 137 та (13%) колбаса маҳсулотлари, 35 та (3%) макарон маҳсулотлари ва 30 та (3%) ҳолатда қадоқланган ўсимлик ёғи маҳсулотларида бузилганлиги маълум бўлди.
ҚОНУНГА МУВОФИҚ…
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига асосан, истеъмолчининг асосий ҳуқуқларидан бири бу – товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳамда товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлишидир.
Мазкур Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги, 11-моддасига кўра эса, сотувчиларга ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ёки яроқлилик муддати ўтган товарларни қабул қилиш ҳамда реализация қилиш ман этилиши белгиланган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунига асосан озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати (фойдаланиш муддати) – бу муддат давомида озиқ-овқат маҳсулотини сақлаш, ташиш, реализация қилиш чоғида хавфсизлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилган тақдирда у фойдаланишга яроқли бўлиб туради, бу муддат тамом бўлганидан кейин эса маҳсулот одамлар ҳаёти ва саломатлиги учун хавфли бўлиб қолиши мумкин.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, озиқ-овқат маҳсулотининг тайёрланган санаси, яроқлилик муддати тўғрисидаги маълумотлар – маҳсулот тамғасида кўрсатилиши шарт.
ҲУРМАТЛИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАР!
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасини таҳлил қилиш натижалари ишлаб чиқарувчи томонидан ушбу соҳани тартибга солувчи қонунчилик талаблари ҳар доим ҳам бажарилмаслигини шуни кўрсатади. Маҳсулот харид қилишда қадоғи ва айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари маркировкасига алоҳида эътибор қаратишингизни сўраймиз. Яроқлилик муддати ўтган, сақлаш шарт-шароитларига риоя қилинмаётган маҳсулотларни истеъмол қилиш инсон соғлигига жиддий зарар етказиши мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
69,222